30 август – Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилган кун

Халқимиз тарихида ўзининг жасорати ва ватанпарварлиги билан халқ меҳрини қозонган, Ватанимизнинг бутун дунё олдидаги шарафини оширган буюк шахслар кўп. Улардан бири жасур саркарда, фан ҳомийси, султон Жалолиддин Мангуберди бўлиб, у унитилмас мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, ўз ҳаётини Ватан эркинлиги ва бахти учун курашга бағишлаган ва халқни мустақиллик учун курашга илхомлантирган.

Жалолиддин Мангуберди миллатни бирлаштириш, Ватанни бошқа юртдан келган босқинчилардан озод қилишдек шарафли ва оғир юкни зиммасига олганида 21 ёшга тўлган эди. Қисқа ҳаёти босқинчилар билан жангу жадалларда ўтган Султон Жалолиддин 11 йил курашиб, мамлакат мустақиллигини сақлаб қолиш йўлида унитилмас қаҳрамонлик кўрсатган. Мардлиги ва жасорати туфайли ҳаётлик чоғидаёқ афсонага айланди.

Машҳур тарихчи Муҳаммад ан-Насавий султон Жалолиддин Мангубердини қуйидагича тавсифлаган: “У шерлар орасида шер ва ўз чавандозлари орасида энг жасури эди. У кам гапирар, ғазабланмас ва сўкинмасди. У жиддий бўлган, ҳеч қачон кулмаган, балки фақат жилмайган ва кам гапирган. У адолатни яхши кўрган, қўл остидагиларининг ҳаётини осонлаштирган”.

1999 йилда Жалолиддин Мангубердининг 800 йиллиги кенг нишонланди. Хоразмда унинг хотирасига муҳташам мажмуа қурилди. Бир қатор китоблар нашр этилди, буюк аждодимизнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган илмий тадқиқотлар ўтказилмоқда. 2000 йил 30 августда “Жалолиддин Мангуберди орденини таъсир этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилиниши миллий қаҳрамонимиз ҳаёти ва қаҳрамонлигини улуғлаш бўйича савобли ишнинг мантиқий давоми бўлди.

Ушбу орден билан мамлакат мустақиллигини, Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилишда юксак ҳарбий маҳорат намунасини, қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар мукофотланадилар.

“Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ Жалолиддин Мангуберди ордени билан шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар, ҳарбий бўлинмалар, шунингдек мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари мукофотланиши мумкин.

2003 йил 22 августдаги Президент фармонига биноан Жалолиддин Мангуберди ордени билан Хоразм вилояти мукофотланди.

Буюк аждодимизнинг Ватан эркинлиги йўлидаги қаҳрамонлиги ва фидойилиги халқимиз ҳаётида мустақилликнинг улкан аҳамияти намойишидир, шунингдек бизни бугунги тинч ва хотиржам ҳаётни авайлаб-асраш, мамлакат тақдирига даҳлдорлик ҳисси билан яшашга даъват этади.

Президентимиз таъкидлаганидек, дунёдаги ҳеч бир савоб иш иссиз қолмайди. Ватан ва халқ эркинлиги учун курашган қаҳрамонлар ҳамиша халқимиз қалбида қолади.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА