БАРЧАСИ ЎЗ ҚЎЛИНГДА!

Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлоний: «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир» деган эди. Дарҳақиқат, фарзанд тарбияси барча даврларда жамиятимизнинг эътибор марказида бўлиб келган масалалардан ҳисобланади. Фарзанд тарбиясида лоқайдликка йўл қўйиш катта хатоликларга олиб келиши мумкин.

Бугунги кунда вояга етмаган ёшларнинг жамиятда ўз ўринларини топишлари учун бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлинмаси ва Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши билан биргаликда Нукус шаҳрида жойлашган «Ёш авлод» болалар дам олиш ва соғломлаштириш марказининг тарбияланувчилари учун Ватанга муҳаббат руҳида ўсиб-улғайишига қаратилган «Барчаси ўз қўлингда!» номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир давомида ташкил этилган давра суҳбатида Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ёшларга кўплаб китоблар ўқишни, спорт билан мунтазам шуғулланишни тавсия қилдилар. Тарбияланувчилар томонидан берилган ҳарбий соҳага оид саволларга эса атрофлича жавоб берилди. Ундан сўнг гуруҳларга бўлинган болалар ҳамда ҳарбий хизматчилар ўртасида стол тенниси, шахмат ва шашка спорт турлари бўйича бир қатор ўйинлар ўтказилди. Бундан ташқари оромгоҳ тарбияланувчилари учун ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

 

«Бугунги ўтказилаётган тадбирдан жуда ҳам мамнунман. Оромгоҳимизда ҳар куни шу каби маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Келажакда мен ҳам ҳарбий акаларимга ўхшаб Ватаним равнақига ўз ҳиссамни қўшаман», – дейди тадбирда фаол иштирок этаётган болалардан бири Муҳаммед Қазақбаев.

Тадбир сўнгида ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари оромгоҳ тарбияланувчиларининг олқишига сазовор бўлди. Ҳарбий қисм томонидан ўтказилаётган барча маънавий-маърифий тадбирлар фарзандларимизнинг жамиятда ўз ўринларини топишига ва комил инсонлар бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА