МИЛЛИЙ ГВАРДИЯ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРИ ЁНҒИННИНГ ОЛДИНИ ОЛДИ

Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бўлинмаси мутахассислари – оддий аскар Иброҳим Ҳасанов ва Абдулазиз Иброҳимов Термиз шаҳридаги Алпомиш маҳалласи ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича тунги патруллик хизматини олиб бораётган эди.

Соат 01.40 да Алишер Навоий кўчасидаги кўп қаватли турар-жой биносининг биринчи қаватига туташ озиқ-овқат дўкони устки қисми деворида пластик қувур ёнаётганига кўзи тушиб қолади. Шу заҳоти улар ёнғиннинг олдини олишга бел боғлаб, зудлик билан алангани ўчиришга киришади. Чапдастлик билан амалга оширилган хатти-ҳаракатлар туфайли ёнғин тезда бартараф этилади.

Шундай қилиб, ярим тунда ҳарбийлар Алишер Навоий кўчасидаги 4 уй 9 хонадонда яшовчи К.Ҳамдамовлар оиласига тегишли кўчмас мулк иншоотлари, дўконда мавжуд 18 миллион сўмлик турли озиқ-овқат маҳсулотлари, дўкон жиҳозлари ва бошқа моддий бойликлар жиддий зарар кўриши ёки ёниб кетишининг олдини олади.

Тинч, осуда ҳаётимиз посбонларининг ҳушёрлиги ва ўз касбига садоқатидан кўнгли тоғдек кўтарилган фуқаро К.Ҳамдамов ҳарбий хизматчиларга чексиз миннатдорлик билдириб, уларнинг юртимиз осойишталиги, элимиз фаровонлиги йўлидаги эзгу ишларига муваффақият тилади. Шунингдек, мазкур оиланинг мол-мулкини асраб қолишда кўрсатган беминнат хизматлари учун шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар И.Ҳасанов ва А.Иброҳимовлар Ўзбекистон Миллий гвардияси Сурхондарё вилоят бўлинмаси томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА