ТИЛ – МИЛЛАТНИНГ ҒУРУРИ

Жорий йилда 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлди. Мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун юртимизда кенг нишонланиши анъанага айланган. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг барча бўлинмаларида турли маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, ижодий кечалар ва китоб ярмаркалари ташкил этилди.

Жумладан, Миллий гвардия Ҳарбий-техник институтида “Тил – миллатнинг ғурури” мавзусида Алишер Навоий, Соҳибқирон Амир Темур, ХХ аср ўзбек адабиёти намоёндалари ижодига оид саволларни ўз ичига олган “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди. Шунингдек, Тошкент шаҳри Олмазор туманида жойлашган 249-сонли умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва ўқувчилар иштирокида “Тил – миллат ғурури ва ифтихори” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.

Миллий гвардия “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейининг ўқувчилари эса Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Миробод тумани Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган байрам дастурида бадиий ва шеърий чиқишлари билан ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Миллий гвардиянинг Тошкент вилоятида жойлашган бўлинмасида эса “Тил – миллат мулкидир” мавзусида маърифий-маданий тадбир ташкил этилди. Унда фан арбоблари, шоир ва шоиралар иштирок этдилар. Ундан ташқари, бўлинма ҳарбий хизматчиларининг китобга бўлган қизиқишларини орттириш мақсадида “Ўзбекистон” нашриёти матбаа ижодий уйи томонидан китоб ярмаркаси ҳам ўтказилгач, бўлинма муддатли ҳарбий хизматчилари ўртасида “Тил бор экан, миллат барҳаёт” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.

Миллий гвардиянинг Навоий вилоятидаги бўлинмасида ҳам ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўртасида “Посбониман муқаддас юртнинг” шиори остидаги иншолар танлови бўлиб ўтди ҳамда Хатирчи туманидаги 88-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ҳарбий ватанпарварликка ихтисослаштирилган синф ўқувчлари билан “Она тилим – жон-у дилим” мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Байрам муносабати билан Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳрида жойлашган бўлинмаси шахсий таркибининг Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейига ташрифи ташкил этилди. У ерда ҳарбий хизматчилар учун “Боқийсан, ифтихоримсан, муқаддас она тилим” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди. Бундан ташқари мазкур шахсий таркиб ташаббуси остида туман ҳокимлиги ва Ёшлар иттифоқи Кенгаши билан ҳамкорликда Яккасарой туманидаги 172-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Тил – миллат қадри” мавзусида маънавий-маърифий байрам дастури бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳрида жойлашган Миллий гвардиянинг яна бир бўлинмасида эса “Тилни асраган элни асрайди” мавзусида ижодий кеча ташкил этилди. Ушбу ижодий кечада Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакиллари, театр ва кино актёрлари ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этдилар.

Бухоро вилоятида жойлашган Миллий гвардия бўлинмаси шахсий таркиби эса “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагим она тилим” шиори остидаги тадбир дастурини ташкил этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Наманган вилояти бўлинмаси вилоят ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Чортоқ туманидаги 5-сонли умумтаълим мактаб ўқувчилари учун “Тил – миллат кўзгуси” мавзусида давра суҳбатини ташкил этиб, “Менинг биринчи китобим” дастури асосида мактаб учун янги китоблар тўпламини совға қилди. Шунингдек, бўлинма шахсий таркиби билан ёзувчилар уюшмаси вакиллари, фан арбоблари ва шоирлар иштирокида “Ҳаракатлар стратегияси ва миллий тил ривожи”, “Тил миллат ғурури ва кўзгуси” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил этилиб, ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўртасида “Энг яхши китобхон” кўрик-танлови ўтказилди.

Миллий гвардиянинг Наманган вилоятидаги Қўриқлаш бошқармаси ҳам байрам тадбирларида фаол бўлиб, Мингбулоқ туманидаги 15-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган тадбирда иштирок этди. Тадбир давомида ўқувчиларнинг она тилига бағишланган чиқишлари, ўзбек адабиёти тарихи ҳақидаги саҳна кўринишлари ҳамда ўқувчилар ўртасида спорт мусобақалари намойиш этилди.

Миллий гвардиянинг Нукус шаҳридаги бўлинмаси ҳам ташаббус кўрсатиб, 19-сонли умумий ўрта таълим мактабида “Ватан – остонадан бошланади” мавзусида ўқувчилар билан давра суҳбатини ташкил этди.

Бўлиб ўтган барча тадбирларда фаол иштирок этган ёшлар, турли номинацияларда ғолибликни қўлга киритган, шунингдек, фахрли ўринларни эгаллаган ҳарбий хизматчи ва ходимлар бўлинма (муассаса) раҳбарияти томонидан муносиб тақдирландилар.

   

   

   

   

   

   

   

   

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА