ҚОЗОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МИЛЛИЙ ГВАРДИЯСИ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ ТАШРИФИ ЯКУНЛАНДИ

Ўзбек ва қозоқ халқларининг қавм-у қариндошлик, дўст-у биродарлик муносабатлари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бугунги кунда Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон давлатлари ўртасида дўстона қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик тили, дини, урф-одати, адабиёти, маданиятлари муштараклигига таянган ҳолда изчил равнақ топмоқда. Қозоғистон Республикаси Миллий гвардияси делегациясининг Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясига ташрифи икки қардош халқ ўртасидаги дўстона халқаро алоқаларининг янги кўриниши десак муболаға бўлмайди.

Қозоғистон Республикаси Миллий гвардияси Бош қўмондони генерал-лейтенант Руслан Жаксылыков бошчилигидаги делегациянинг пойтахтимизга ташрифи даставвал Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони генерал-полковник Баходир Ташматов билан учрашувдан бошланди. Учрашув чоғида ҳар иккала томон кўп асрлик дўстона алоқалар ҳақида фикрлар билдириб, келгусида кўп тармоқли, ўзаро манфаатли тенг шериклик алоқаларини йўлга қўйиш ва ҳарбий хизматчиларнинг биргаликда тажриба алмашишлари борасида суҳбатлашдилар. Учрашув сўнгида Руслан Жаксылыков Миллий гвардия меҳмонларининг тилаклари жамланган китобга ўзининг самимий сўзларини ёзиб қолдирди.

Шундан сўнг делегация Миллий гвардия ҳарбий қисмларидан бирига ташриф буюриб, моддий-техник база, замонавий қурол-яроғлар, фахрий қоровул ва отлиқ эскадрон чиқишлари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва жанговар тайёргарлиги билан танишди.

“Мен Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонига таклиф этгани учун ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Биз биродарлик алоқаларини қайта йўлга қўйиб, ҳамкорликда ўқувларни ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ташкил топганига қарийб икки ярим йил бўлсада, қисқа вақт ичида жуда катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилганидан ҳайратда қолдим. Бу, албатта, Миллий гвардия қўмондонлиги ва бутун шахсий таркибнинг залворли меҳнати самарси эканлигини тушунаман. Бу юқори профессионалликдан далолатдир. Биз ҳар доим шахсий таркибни, аввало, ҳаракатларидаги профессионаллик, хизматга ва ҳарбий интизомга бўлган муносабатига кўра баҳолаймиз.

Отлиқ эскадронга келсак, кучли аскарлар сингари тарбияланган отлар ҳам кўп нарсани англатади. Бу нафақат чиройли кўриниш учун, балки хизматимиз учун жуда зарурдир. Афсуски, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясидан фарқли равишда, бизда бундай бўлинмалар йўқ. Бир сўз билан айтганда, бу бўлинманинг тайёргарлик даражаси мени ҳайратга солди. Фуқаролар ва аҳолининг хотиржам турмуш тарзи, мамлакат тинчлиги ва осойишталиги ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлик даражасига боғлиқ. Чунки Миллий гвардия жамоат тартибини сақлаш ва халқларимизнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизмат қиладиган бирламчи тузилмадир. Умид қиламанки, бизнинг қардош дўстона муносабатларимиз хизматимизни янада юқори поғонага кўтаришга имкон беради”, – дейди Қозоғистон Республикаси Миллий гвардияси Бош қўмондони генерал-лейтенант Руслан Жаксылыков.

Делегация аъзолари Миллий гвардия “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейида ўқувчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва Қўриқлаш хизматида жорий этилаётган инновацион технологиялар натижасида эришилаётган ютуқлар билан танишдилар.

Ташрифнинг иккинчи кунида қардошларимиз Чирчиқ дала ўқув полигонида бўлиб, Миллий гвардия тезкор ҳаракатланувчи бўлинмаларининг террорчи гуруҳларга қарши курашдаги амалиётини кузатдилар. Шу билан бирга инновацион ўқ отиш машғулотлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

“Қуролли кучларимиз Олий Бош қўмондони – Ўзбекистон Республикаси Президентининг олиб бораётган сиёсатларининг давоми сифатида, барча соҳалар каби, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида ҳам қўшни давлатлар ва хориж мамлакатларининг Қуролли кучлари тузилмалари билан ҳамкорликлар йўлга қўйилиб, тизимли ишлар давом эттирилмоқда. Қозоғистон Республикаси Миллий гвардияси ташрифи муносабати билан ўқув дала майдонида Миллий гвардия бўлинмаларининг имкониятлари, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлиги ва тажрибасини намойиш этадиган кўргазмали ҳарбий ўқув машғулотлари ташкил этилди”, – деди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник Хасан Ботиров.

Шу билан бирга меҳмонлар ташриф чоғида Қуролли кучлар академиясида жорий этилган замонавий ахборот технологиялари асосида берилаётган ҳарбий таълим билан танишиш имконига эга бўлдилар.

“Динамо” жисмония тарбия ва спорт жамиятида делегация аъзолари юртимиз ифтихорлари бўлмиш жаҳон ва олимпиада чемпионлари билан суҳбатлашиб, бугунда ўзбек спортчиларини дунё тан олганлигини эътироф этдилар.

Меҳмонлар Миллий гвардияда ҳарбий кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида амалга оширилаётган улкан ишларнинг ёрқин намунаси сифатида бунёд этилаётган замонавий ўқув марказини кўздан кечирдилар.

Ташриф сўнгида Қозоғистон Республикаси Миллий гвардияси бош қўмондони бошчилигидаги делегация учун пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳат уюштирилди. Меҳмонлар пойтахтимизда охирги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини кўриб, ёрқин таассуротлар билан ўз юртларига қайтдилар.

Савол-жавоб

Сайт ҳақида фикрингиз

Натижаларни кўрсатиш

Ижтимоий тармоқларга юклаш:

Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ ҲИМОЯСИДА