Миллий гвардия ва Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Юртимизда “Музейлар ҳафталиги” бўлиб ўтмоқда. Мазкур ҳафталик давомида Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан ҳам гвардиячиларнинг миллий музей фондида сақланаётган ноёб ашёлар ва қимматли коллекциялар билан яқиндан танишиши, бой тарихий ва маданий меросимиздан баҳраманд бўлишларини таъминлаш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Президентимизнинг 2024 йил 19 июлдаги "Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларни хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида"ги 270-сонли қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш доирасида Миллий гвардия ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Мазкур меморандумда гвардиячилар ва уларнинг оила аъзолари билан Сиёсий қатағон қурбонларининг ҳаёти ва меросини чуқур ўрганишга қаратилган тадбирларни янада жадаллаштириш, архив материаллари, ёдномалар ва тарихий манбалар асосида маърифий тадбирлар, кўргазмалар, қўшиқлар тайёрлаш, ҳарбий қисм ва муассасаларда махсус маъруза дарслари, конференциялар ва фахрий учрашувлар ташкил этиш кабилар кўзда тутилган.
Шундан сўнг, гвардиячилар ва курсантлар ҳамда Темурбеклар мактаби ўқувчилари учун музейга экскурсия ташкил этилди. Шу билан бирга қатағон қурбонлари ҳаёт йўли акс эттирилган видео фильмлар намойиш этилди ва Миллий гвардия Ашула ва рақс ансамбли хонандаларининг ватан ҳақидаги қўшиқлари ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети катта офицери Шухратхон Мухамматхоновнинг “Юрт шаҳидлари” ва “Жадидлар” композициялари йиғилганларга ҳавола этилди.
Шуни таъкидлаб ўтишимиз керакки, сиёсий қатағон қурбонларининг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг номини абадийлаштириш — бу фақат тарихий бурч эмас. Бу – миллий фахр, халқ хотирасига ҳурмат, ва истиқлол ғояларига садоқат рамзидир.