Куч тузилмалари ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи ўтказилди
Тошкент вилоятида куч тузилмалари ўртасида «Заковат» интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди. “Тинчлигимиз, тараққиёт ва фаровонлик учун!” шиори остида ўтказилган мазкур беллашув ёш ҳарбий хизматчиларнинг интеллектуал салоҳиятини, билимга бўлган чанқоқлигини ва жамоавий фикрлаш қобилиятини янада оширишга хизмат қилди.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази Нурафшон шаҳар бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу мусобақа ёшларга оид давлат сиёсатини янада самарали амалга ошириш, ҳарбий қисм ва муассасалардаги ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятларини ошириш ҳамда ҳарбий хизматчилар орасида китобхонлик маданиятини тарғиб этишга қаратилган.
Мусобақада Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар, Божхона, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия ва бошқа куч тузилмалари қошидаги ҳарбий қисм ва муассасалардан тузилган 10 та кучли жамоа иштирок этди. Иштирокчилар мураккаб, мантиқий ва илмий мазмунга эга саволларга жавоб бериш жараёнида тезкор тафаккур ҳамда теран билим даражаларини намойиш этдилар.
Баҳс-мунозараларга бой ўтган мусобақа давомида қатнашчилар тарих, адабиёт, фан, замонавий технологиялар ҳамда мамлакатимиздаги ислоҳотларга оид саволлар орқали ўз билим ва кўникмаларини синовдан ўтказдилар.
Мазкур интеллектуал ўйин ёшлар ўртасида илм-фан ва маданиятга қизиқишни ошириш, шунингдек, улар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.