Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказида таҳсил олган тингловчиларнинг навбатдаги битирувига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида марказда муваффақиятли таҳсил олиб, белгиланган дастур асосида ўқув курсларини якунлаган 88 нафар тингловчига сертификатлар топширилди.
Ўқув курслари давомида тингловчиларга Ихтисослаштирилган ўқув маркази тажрибали ўқитувчилари томонидан ҳарбий хизматчилар мутахассислигига оид бир қатор фанлардан назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди. Жумладан, ўқ отиш, баландлик ишғоли, руҳий-жисмоний тайёргарлик, жисмоний тайёргарлик, алоқа, разведка, махсус-тактик тайёргарлик, моддий-техник таъминот, муҳандислик ҳамда тактик тиббий тайёргарлик фанлари бўйича чуқурлаштирилган билимлар берилди.
Ушбу машғулотлар тингловчиларга нафақат назарий билимларни, балки амалий кўникмаларни эгаллаш имконини яратди. Ҳар бир машғулот ҳарбий хизматчиларнинг кундалик хизмат фаолиятида зарур бўладиган малакаларни шакллантиришга қаратилди.
Маросим якунида битирувчиларга сертификатлар тантанали тарзда топширилиб, уларнинг келгусидаги хизмат фаолиятида муваффақиятлар тиланди.