Самарқандда ёшлар бандлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган республика амалий семинари бўлиб ўтмоқда
Бугун, 15-август куни Самарқанд шаҳрида ёшлар бандлигини таъминлаш, ишсизликка барҳам бериш ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган Республика амалий семинари бошланди. Ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 30 июн – Ёшлар куни муносабати билан илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш доирасида ташкил этилмоқда.
Тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси, Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари, Мудофаа вазири ўринбосари, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, шунингдек, Қуролли Кучлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, YUNISEF ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий вакили, Ёшлар ишлари агентлиги директори ва бошқа вазирлик, ташкилот, идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этмоқда.
Учрашув давомида “Маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш тизимини такомиллаштириш юзасидан масъул раҳбарлар томонидан маърузалар тақдим этилди. Мазкур ташаббуслар ҳудудларда изчил ва самарали жорий этилиши, уларни амалга оширишда ҳамкорлик ва янгича ёндашувлар муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Семинар дастури доирасида 15–17-август кунлари соат 09:00 дан бошлаб Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли боғда бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳамда “Таълим кўргазмаси” ўтказилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, ишсиз ёшлар учун яратилган имкониятлар доирасида имтиёзли ер ажратилган ёшларнинг етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилади.
Мазкур амалий семинар ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.