Юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида Миллий гвардия бўлинмаларининг юқори жанговар шайлиги таъминланмоқда
Аввал хабар берганимиздек, Миллий гвардия шахсий таркибининг жанговар салоҳияти, гвардиячиларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлигини мустаҳкамлаш ҳамда замон талабларига мос такомиллаштиришга қаратилган манзилли ишлар Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев томонидан давом эттирилмоқда.
Шу каби манзилли ишлар, Тошкент шаҳрида жойлашган батальонларнинг бирида амалга оширилиб, унда махсус бўлинмаларнинг ўзига хос вазифаларидан келиб чиққан ҳолда гвардиячиларнинг жанговар ва махсус тайёргарлиги, хусусан шаҳар шароитидаги ностандарт вазиятларда аниқ ва ишончли ҳаракатлари ҳамда сунъий интеллектга асосланган бошқарув тизимининг замонавий усуллари кўздан кечирилди.
Тадбир давомида амалий машғулотларни ҳақиқий ҳолатга яқинлаштирилган шароитларда олиб борилиши ҳамда ностандарт вазиятларда гвардиячиларнинг ўзига бириктирилган жанговар қуроллардан ва махсус воситалардан тўғри ва ишончли фойдаланган ҳолда юклатилган вазифаларни аниқ ва юқори даражада бажаришларига, шунингдек фавқулодда вазиятларда ўзига ва сафдошларига биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга доир билим ва кўникмаларини ошириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳар қандай хавф-хатарларни олдини олиш ва бартараф этиш борасида шахсий таркибнинг юқори жанговар ва жисмоний тайёргарлигини таъминлаш, хусусан гвардиячиларнинг "Pekiti Tirsia Kali" жанг санъатини пухта ўзлаштиришлари, шунингдек дрон ва уларга қарши воситаларни қўллаш усуллари, ўз ўрнида мазкур йўналишдаги амалга оширилаётган ишларни жаҳон тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда доимий равишда такомиллаштириб борилишига оид вазифалар белгиланиб, тегишлилиги бўйича топшириқлар берилди.