Мамлакатимиз тараққиёти йўлида замон талабларига мос ҳарбий кадрларни тайёрлашда янгича ёндашув
Миллий гвардия тизимида 2025/2026-йил учун ишлаб чиқилган асосий тадбирлар режаси асосида, жорий йилда Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда бошқа Олий ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаб Миллий гвардия бўлинмаларида хизматини давом эттиришга бел боғлаган ёш офицерлар таркиби билан, Миллий гвардия "Кармана" дала-ўқув марказида ўқув-услубий йиғини ташкиллаштирилди.
Мазкур ўқув-услубий йиғинда ёш офицерларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, жисмоний ва маънавий тайёргарлигини мустахкамлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бўлинмаларда қўл остидаги шахсий таркибни моҳирлик билан бошқаришда ўзлари ҳар томонлама намуна бўлишлари учун, мавжуд қурол аслаҳа ва техникалар таснифи ва улардан ўқ отиш, жисмоний ва рухий зўриқишларга бардошли бўлиш, шунингдек Қуролли Кучларининг янги низом талаблари бўйича амалий билим ва кўникмалари юзасидан синовлар қабул қилинди.
Ўқув йиғинининг якуни арафасида Миллий гвардия қўмондони-генерал майор Р.Джураев "Кармана" дала-ўқув марказига ташриф буюриб, ёш офицерлар билан учрашди. Унда ўқув услубий йиғинга масъул раҳбарлар ҳамда Жамоат хавфсизлиги университетининг ҳарбий кафедра ўқитувчилари иштирок этишди.
Тадбир давомида Миллий гвардия тизимида келгуси хизматини давом эттиришга шай бўлган ёш офицерларнинг, бўлинмаларда жанговар хизмат фаолиятини ташкиллаштиришда назарий билимлари ва амалий кўникмаларини уйғунлаштирган ҳолда замон талабларига мос тайёргарлик даражалари ўрганилди.
Тадбир якунида Қўмондон томонидан ёш офицерларга, халқаро тажрибани ўрганиш ва таҳлил қилиб бориш, турли таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда билим ва кўникмаларини мунтазам такомиллаштириб бориш, шунингдек тизимда йўлга қўйилган устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлашга доир муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Албатта ёш офицерлар учун мазкур ўқув-услубий йиғин келгуси фаолиятида муҳим қадам бўлиб ҳисобланади ва хизмат давомида ўз самарасини беради.