Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оилаларидан иборат жамоалар ўртасида ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган «Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбийлар оиласи» кўрик-танловининг Республика босқичи айни кунларда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтмоқда
15 май - Халқаро оила куни арафасида «Мустаҳкам оила – жамият таянчи» каби концептуал ғоя асосида ўтказилаётган мазкур кўрик-танловда ҳарбий қисм ва муассасалар шахсий таркиби орасида ҳурмат қозонган, жамиятда инсонлар билан яхши муносабат ўрнатиб, фарзанд тарбияси масаласида ўрнак кўрсатган ҳамда ҳар томонлама ибратли ҳарбий оила бўла олган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари иштирок этишмоқда.
Кўрик-танловнинг республика босқичида камида ўн йиллик оилавий ҳаёт тажрибасига эга бўлган, ҳудудий танлов ғолиблари бўлган 18 та оила ўз кучини синовдан ўтказди.
Самимий ва дўстона рақобат руҳида кечаётган танловда ҳарбий оилалар оилани таништирув, “Оила мустаҳкамлиги – юрт тинчлиги” номли саҳна кўриниши ва «Миллий халқ ўйинлари — миллий ғурур» шиори остида этноспорт (отда машқ бажариш, арқон тортиш, қараб теп, камондан отиш) каби бир қатор шартлар асосида беллашган ҳолда ўзларининг ижодий, жисмоний ва маданий салоҳиятларини намоён этишмоқда.
Танловнинг биринчи кунида иштирокчилар саҳна кўринишлари орқали меҳр-оқибат, ҳурмат, ҳамжиҳатлик, фарзандлар тарбиясига эътибор каби қадриятларни намоён этишган бўлса, бугун улар спортдаги қобилиятларини кўрсатишмоқда.
Танлов ҳар галгидан-да қизғин таассуротларга бой тарзда давом этмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бундай танловларни ўтказишдан кўзланадиган асосий мақсад Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари онгида тарихимиз, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиромни юксалтириш, ижодий ташаббускорликларини шакллантириб, улар орасида соғлом рақобат муҳитини қарор топтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, оила институтини яна-да мустаҳкамлаш ва амалга оширилган соҳага оид ишларни янги марраларга кўтаришдир.
Якуний натижаларни 13-май куни тақдирлаш маросимида эълон қилиш режалаштирилган. Бизни кузатиб боринг ва янгиликлардан доимо биринчилардан хабардор бўлинг.