Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси республика бошқарув раиси, Ўзбекистон қаҳрамони С.Турдиев, Ўзбекистон «Ветеран» жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси раиси Т.Мурадов ва конференц алоқа тарзида ҳудудлардан Миллий гвардия Фахрийлар кенгаши аъзолари ҳамда масъул офицерлар иштирок этишди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар Президентимизнинг ташаббуслари билан, бугун Юртимизда инсон қадрини улуғлаш, манфаатларини таъминлаш, айниқса, Ватан ҳимоясида хизмат қилган уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар ҳамда уларнинг оила аъзоларига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланганини таъкидлашди.
Шунингдек, Миллий гвардия тизимида нуронийлар, фахрийлар, нафақадаги ҳарбийлар ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб–қувватлаш, мард, жасур жангчиларимиз хотираларини абадийлаштириш, қолаверса, булар орқали Ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни жадаллаштириш лозимлиги айтиб ўтилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Миллий гвардия фахрийларини ҳамда ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи ва ходимлар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича 5 та йўналишда мингга яқин тадбирлар амалга оширилди.
Шу билан бирга, ишлаш истагида бўлганларнинг бандлигини таъминлаш, фахрийларга соғломлаштириш масканлари учун, ҳалок бўлганларнинг фарзандларига эса, болалар оромгоҳларига имтиёзли йўлланмалар топширилмоқда, маданий ва тарихий обидаларга саёҳатлар ташкил этилмоқда, қолаверса, юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашда қаҳрамонлик кўрсатиб ҳалок бўлганларнинг хотираларини абадийлаштириш, ёш авлодни ватанпарвар, фидойи этиб тарбиялаш борасида ҳам бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётганлиги ҳисобот давомида келтириб ўтилди.