Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураевнинг навбатдаги манзилли ишлари Жиззах вилоятида амалга оширилди.
Жорий йилнинг 4 июнь куни Жиззах вилоятида амалга оширилган манзилли ишлар давомида Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев ва вилоят ҳокими У.Мустафаев бошчилигида, ҳамкор вазирликлар ва ташкилотлар мутасадди раҳбарлари иштирокидаги ишчи учрашув бўлиб ўтди. Унда Давлатимиз раҳбарининг Қарорлари ва соҳага оид белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалий ижроси муҳокама қилинди.
Шунингдек, олдимизда турган асосий вазифалардан бири, Юртбошимизнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги Қарори талаблари ва амалий ижросига қаратилган чора-тадбирлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ахборотлари тингланди.
Миллий гвардия Жиззах вилояти бўйича бошқармасида эса куч тузилмалари ҳамкорлигидаги махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди. Унда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев ҳамда вилоятнинг ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарлари иштирок этишди.
Машғулот давомида ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлиги, хусусан шаҳар шароитдаги ностандарт вазиятларда махсус бўлинмаларнинг ҳамкорликдаги аниқ ва ишончли ҳаракатлари, бошқарув тизимининг замонавий усуллари, шунингдек дрон ва уларга қарши воситаларидан фойдаланиш амалиётига алоҳида эътибор қаратилди ва ушбу йўналишдаги ишлар жаҳон тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириб борилишига оид вазифалар белгилаб берилди.
Шундан сўнг, аҳоли гавжум жойлар, хусусан хиёбонлар, парклар, савдо мажмуалари, бозорлар ва мачитлар ўрганилиб, фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Шунингдек, тадбирлар давомида жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини ишончли таъминланиши борасида ҳамкорликда йўлга қўйилган хизматни кучайтириш масалалари юзасидан тегишлилиги бўйича масъулларга топшириқлар берилди.
Манзилли ишлар давомида яна бир муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилиб, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан йўлга қўйилган “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасидаги ишлар, хусусан 1 июндан 30 августгача мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасидаги вазифалар ижроси юзасидан вилоят, туман ва маҳаллалар кесимида белгилаб олинган ҳамкорликдаги ишлар ўрганилди.
Бу борада Миллий гвардия Чавандозлар мактабида спорт комплексларни ташкил қилиниши ва аҳолини айниқса ёшларни кенг жалб қилиниши, ушбу масканда фаолияти йўлга қўйилган тўгараклар ва спорт секцияларини кенгайтириш орқали ўқувчи ёшларни бўш вақтларини мазмунли ўтказишларига оид чора-тадбирлар юзасидан мутасадди раҳбарларга вазифалар белгиланди.
Тадбир сўнгида махсус-тактик ўқув машғулотида фаол иштирок этган куч тузилмаларининг бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимлар Миллий гвардия қўмондони томонидан муносиб рағбатлантирилди.