Республикамиз бўйлаб 9 май - Хотира ва қадрлаш куни байрами кенг нишонланаётган айни кунларда Сирдарё вилоятида Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлигини таъминлаш, жанговар тайёргарлик кўрсаткичларини янада такомиллаштириш борасида белгилаб берган устувор вазифалари ҳамда мазкур йўналишларда Миллий гвардия фаолиятига оид Фармон ва Қарорларда кўрсатилган талаблар асосида Сирдарё вилоятида Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази янгидан қад кўтариб, куни-кеча очилиш маросими ўтказилди.
Мазкур тантанали тадбир 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида ташкиллаштирилиб, унда Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти вакили Қ.Зоитов, Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Ф.Рахимов, Нуронийлар кенгаши раиси У.Абдиев, вилоят прокурори С.Исматов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ф.Ҳайдаров, Ҳарбий округ қўмондонлигидан М.Аглаев, Ёшлар ишлари агентлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи М.Садуллаев, Гулистон шаҳар ҳамда Мирзобод тумани ҳокимияти ва ҳуқуқ тартибот идоралари раҳбарлари, шунингдек марказнинг профессор-ўқитувчилари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этишди.
Тадбир давомида, Миллий гвардия Ихтисослаштирилган ўқув маркази Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 21 феврал кунидаги ПФ-5356-сон Фармонига асосан ташкил этилгани ёдга олиниб, Марказ нафақат Миллий гвардия балки Қуролли Кучлар таркибидаги махсус бўлинмалари бўлган Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари, Президент Давлат хавфсизлиги хизматининг ҳарбий хизматчи ва ходимларини 23 та йўналишда қайта тайёрлаб, малакасини ошириб келаётганлиги, хусусан шу кунга қадар 11 мингга яқин тингловчилар ўқитилган бўлиб, ўтган 2024 йилнинг ўзида 2 мингга яқин, ҳарбий хизматчи ва ходимларининг малакаси оширилгани ва қайта тайёрлангани таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, янги фаолиятини бошлаган ушбу Марказ, Куч тузилмаларининг ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаб, профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш мақсадида ўтган йили Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманига кўчирилиб, ўқув-моддий базаси такомиллаштирилган ҳолда барча куч тузилмалари ва ҳуқуқ тартибот идоралари ҳарбий хизматчи ва ходимларидан иборат тингловчилар учун умумий машғулотлар ва тайёрлов маркази бўлиш билан бирга, ҳамкорликдаги ўқув-тактик машғулотларини мунтазам олиб боришга мўлжалланган дала-полигони сифатида, замон талабларига мос равишда барча шарт-шароитлар яратилганлиги ва келгусида ҳам такомиллаштириб борилишига алоҳида урғу берилди.
Ўз навбатида сўзга чиққан Нуронийлар кенгаши раиси ва Марказ бошлиғи томонидан Давлатимиз раҳбарининг эътибори, “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” тамойили асосида яратиб бераётган кенг имкониятлар туфайли Сирдарё вилоятида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган яна бир ажойиб масканнинг фаолияти йўлга қўйилганидан хурсанд эканликлари, бундан албатта унумли фойдаланишлари тўғрисида сўз юритилиб ўз миннатдорлигини билдиришди.
Расмий очилиш маросимидан сўнг меҳмонлар, марказда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Хусусан барча имкониятларга эга тингловчилар ётоқхонаси, ўқитувчи ва йўриқчилар учун хизмат хоналари, талаб даражасида жиҳозланган ўқув синфлари, кутубхона, ошхона, аскарлар ётоқхонаси, очиқ ва ёпиқ спорт мажмуалари, ёпиқ турдаги 100 метрли замонавий жанговар тир, жанговар ва махсус тайёргарликнинг амалий машғулотларини ўтказиш учун очиқ майдонда аҳоли яшаш пунктлари, ўқув автобуси, темир йўл вагони ва “Аэробус А-320” самолёти ва бошқа ўқув объектларида олиб борилаётган ҳамкорликдаги ўқув машғулотлар жараёнлари кузатилиб, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг жанговар ва махсус тайёргарлик кўрсаткичлари юқори даражада такомиллаштириб борилаётганлигининг гувоҳи бўлишди.
Тадбир давомида Миллий гвардия қўмондони томонидан, вилоят куч тузилмаларида сафдошларига намуна бўлиб келаётган бир қатор ҳарбий хизматчи ва ходимлар ҳамда Сирдарё вилоятида ўз хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, шунингдек, яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган ташкилот вакиллари муносиб рағбатлантирилди.