“САНЪАТ ҒУНЧАЛАРИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ
Жорий йилнинг 27-28 март кунлари Тошкент шаҳрида дамли ва зарбли чолғулар ижрочилиги бўйича “Санъат ғунчалари” республика кўрик-танлови бўлиб ўтди. Мазкур танлов Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси ва Миллий гвардия ҳамкорлигида ташкил этилиб унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида ғолибликни қўлга киритган 166 нафарга яқин ёш мусиқачилар ўзаро баҳслашди.
Қизғин ва муросасиз кечган ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими Ўзбекистон давлат консерваторияси биносида бўлиб ўтди. Тадбирда мазкур анъанавий танлов иқтидорли болаларни аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Танловда ғолибликни қўлга киритиб, тажриба орттирган ёш ижрочиларнинг аксарияти дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилган халқаро танловларда юқори ютуқларга эришган. Иштирокчиларнинг 66 нафари танловнинг совринли ўринларини қўлга киритган бўлса шулардан 37 таси (Ёғоч дамли чолғулар 17 та, Мис дамли чолғулар 15 та ва Зарбли чолғулар 5 та) Миллий гвардия Республика ихтисослаштирилган мусика лицейи ўқувчиларидир. Улар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилиб диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.