“Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ўртасида “Амир Темур авлодлари” идоралараро ҳарбий-спорт танловида Миллий гвардия “Темурбеклар мактаби” жамоаси ғолибликни қўлга киритди
Мусобақанинг очилиш маросими ҳам юқори шукуҳда бошланиб, унда Миллий гвардия қўмондонлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, Ички ишлар, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва Давлат хавфсизлик хизмати “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари жамоалари ҳамда масъуллари иштирок этди.
Шундан сўнг, жамоалар ўртасида қизиқарли баҳсларга старт берилди. Дастлаб спортчилар ҳарбийлаштирилган эстафета ҳамда ҳарбий-спорт кўпкўраши шартларида ғолиблик учун кураш олиб борган бўлса, Волейбол бўйича мусобақалар чинакам ҳақиқий мардлик ва матонат синови, ҳалол ва кескин беллашувлар майдонига айланди. Қуролни тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратишда ёш ҳарбийлар жуда ишончли ҳаракат қилиб, ғолиблик учун мардонавор ҳаракат қилишди. Икки кун давомида бўлиб ўтган баҳсларда ўқувчи ёшлар ўзларини муносиб кўрсата олди. Ўқ отиш шартларида аниқ нишонга олиш бўйича Фарғона Темурбеклар мактаби ўқувчилари юқори балларни қўлга киритди. Шунингдек, миллий кураш бўйича ҳам бир қатор ёшларимиз ўзларини тенгсиз эканлигини исбот этди.
Тақдирлаш маросимида ёшлар масъуллар томонидан муносиб рағбатлантирилди. Якуний натижаларга кўра умумжамоа ҳисобида 3-ўринни Ички ишлар вазирлиги Темурбеклар мактаби жамоаси қўлга киритган бўлса, 2-ўрин Мудофа вазирлигининг Фарғона Темурбеклар мактаби ёшларига насиб этди, фахрли 1-ўринга бўлса, Миллий гвардия Темурбеклар мактаби ўқувчилари сазовор бўлди.
Ғолибларга мусобақа кубоги, диплом ва эсдалик совғалари тантанали топширилди, шу билан бирга, ўқувчилар турли номинациялар билан ҳам рағбатлантирилди.
Ишонамизки, бу ёшларимиз келгусида ҳақиқий Амир Темур авлодлари бўлиб етишиб, ватанимизни муносиб ҳимоя қилади.