Давлатимиз раҳбарининг Қарорлари ва спорт соҳасига оид белгилаб берган устувор вазифаларининг амалий ижроси таъминланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 августдаги “Чавандозлар мактаблари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги” Қарорлари асосида, ҳозирда Тошкент шаҳри, Бухоро, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида Миллий гвардия Чавандозлар мактаблари, Сурхондарё вилоятида Қорабайир отлари маҳорат мактаби замон талаблари асосида бунёд этилиб, фаолият юритиб келмоқда.
Тошкент шаҳрида фаолият юритиб келаётган Миллий гвардия Чавандозлар мактаби ҳамда унинг ҳудудида бўлган камондан отиш спорт базаси комплексида ҳам Давлатимиз раҳбари томонидан, олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш борасида белгилаб берилган вазифаларнинг амалий ижросини яққол кўришимиз мумкин.
Хусусан, куни кеча мазкур мажмуанинг фаолияти билан яқиндан танишиш учун, Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев, Президент Администрацияси масъул ходими А.Муртазоев, Спорт вазирининг ўринбосари Ш.Маҳмудов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Д.Раҳимова, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази директори В.Алимова, Ўзбекистон Йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Б.Газиев, Ўзбекистон Поло федерацияси раиси А.Рустамбаев, Улоқ кўпкари федерацияси раиси Р.Адхамов, Жахон Кўпкари Ассоциацияси биринчи вице-президенти Э.Абзалов ҳамда соҳага оид мутасадди раҳбарлар ташриф буюришди. Унда “Олмос” маҳалласи раиси Мамуржон Кенжаев бошчилигидаги маҳалла фаоллари ва ёшлари, шунингдек ушбу спорт мажмуасида доимий шуғулланиб келувчи спортчи ва мураббийлар ҳамда пойтахтимиздаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этишди.
Ушбу Чавандозлар мактаби, от спорти турларини янада ривожлантириш, янги авлод чавандозларини тайёрлаш ва тарбиялаш, ёшлар ўртасида фаол тарғиб қилиш ва оммалаштиришга хизмат қилиш билан бирга, болаларни иппотерапия услуби ёрдамида даволайдиган, шунингдек камон ва паракамондан отиш спорти тури бўйича 70 метрли замонавий спорт майдончаси ва ёпиқ биносига эга бўлган ва мерганларнинг ёзда ҳам қишда ҳам шуғулланишлари, халқаро мусобақаларни ўтказилиши ҳамда олимпия(паралимпия)мусобақаларига тайёргарлик кўриш учун барча имкониятларга эга эканлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Шу билан бирга, ушбу ҳудудда маҳалла аҳолиси ва ёшларнинг кўнгилли дам олишини ташкил қилиш учун зарур инфратузилма объектлари, хусусан ёшларни спорт билан шуғулланишлари учун воркаут ва болалар ўйин майдончалари, аҳоли учун сайир қилиш йўлаклари ҳамда қаҳвахона мавжуд бўлиб, мазкур спорт комплекс ҳудуди ҳатто хорижий сайёҳлар ташриф буюрадиган масканга айланиши эътироф этилди.
Тадбир давомида спортчилар, маҳалла фаоллари ва ёшлари ҳамда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан Миллий гвардия қўмондони учрашиб, очиқ мулоқот давомида ушбу мажмуа тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари тингланди, яратилган шарт-шароитлардан уларнинг унумли фойдаланишлари учун янада кенг имкониятлар яратиб берилиши юзасидан эса масъул раҳбарларга топшириқлар берилди. Ўз навбатида бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар муносиб рағбатлантирилди.