Фарғона вилоятида “Долзарб 90 кун” доирасида ўтказилган “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий спорт мусобақаси ёшларни бир мақсад сари бирлаштирди.
Ёш авлодни Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида Фарғона вилоятида “Шижоат ва ғайрат” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақа Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бошқармаси, вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, Мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Қизғин ва муросасиз курашларга бой бўлган мусобақа ёшлар учун ҳақиқий синов майдонига айланди. Унда вилоятнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолиб чиққан жамоалар ўзаро беллашдилар. Иштирокчилар 6 та шарт бўйича куч синашиб, эпчиллик, жисмоний тайёргарлик, ҳарбий билим ва мантиқий фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Мусобақа якунида ғолиб ва фаол иштирок этган жамоалар тантанали тарзда тақдирланди. Ҳамкор ташкилотлар томонидан уларга дипломлар, ташаккурномалар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
“Шижоат ва ғайрат” мусобақаси йилдан-йилга кенг миқёсда ўтказилиб, ўқувчи-ёшларни Ватанга муҳаббат ва ҳарбий хизматга садоқат руҳида тарбиялаш, уларда соғлом ҳаёт тарзига бўлган интилишни кучайтириш ҳамда келажакда юртга сидқидилдан хизмат қилишга пухта тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.