Қорақолпоғистон Республикасида куч тузилмалари ҳарбий хизматчи ва ходимлари ўртасида “Брейн Ринг” интеллектуал заковат ўйини ўтказилди
Қорақалпоғистон Республикаси замини яна бир бор билим, заковат ва тафаккур нурлари билан ёритилди. Бу галги интеллектуал майдон “Брейн Ринг” мусобақасига мезбонлик қилди. Юртимиз куч тузилмаларида хизмат қилаётган фидойи ҳарбийлар бир саҳнада жам бўлиб, ақл ва заковат беллашувида ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказдилар.
Мусобақанинг асосий мақсади — ҳарбий хизматчилар орасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, мантиқий фикрлаш, тезкор ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, жамоавий ишлаш маданиятини янада мустаҳкамлашдан иборат бўлиб, қизғин ва илҳом бахш этувчи муҳитда ўтган беллашувда иштирокчилар тарихнинг мураккаб саҳифаларидан тортиб, замонавий ҳарбий технологиялар ва умумий дунёқарашга оид саволларга жавоб бериш орқали ўзларининг кенг қамровли билимларини намоён этдилар.
Тадбир якунида энг фаол ва билимдон иштирокчилар Қорақалпоғистон Республикаси ҳарбий округи қўмондонлиги ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан дипломлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бу эътирофлар иштирокчилар учун нафақат фахрли мукофот, балки келажакдаги ютуқларга етаклайдиган ишонч манбаига айланди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мусобақа ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлигига янгича туртки, билимга чанқоқлик ва доимий ўз устида ишлаш руҳини олиб кирди. Ҳарбий хизмат фақатгина жисмоний тайёргарлик эмас, балки интеллектуал етукликни ҳам талаб этишини яна бир бор исботлади.