Янги Ўзбекистон қизлари – янги зафарлар заминида! Халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган гвардиячи қизлар муносиб рағбатлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Миллий Олимпия қўмитаси раиси Шавкат Мирзиёев бошчилигида жорий йилнинг 13 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш борасида спортни миллий устувор йўналиш сифатида белгилаб, уни ватанпарварликни мустаҳкамлаш, кучли авлод тарбияси ва мамлакат обрўсини халқаро майдонда юксалтиришнинг стратегик омили сифатида муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур вазифаларнинг амалий ижроси юзасидан Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт вазирлигининг қўллаб-қувватлаши самарасида Миллий гвардияда ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилиб, иқтидорли ёшларни топиш, олимпия спорт турларига тайёрлаш, уларни ва мураббийларни рағбатлантириш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бунинг натижасида, жорий йилнинг 28 июн – 7 июл кунлари Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича Жаҳон кубоги мусобақаларида Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси таркибида уч нафар гвардиячи қизлар муносиб иштирок этишди ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Навбаҳор Ҳамидова мазкур тоифадаги мусобақанинг финал жангида олимпиада ва уч карра жаҳон чемпиони туркиялик Бусеназ Сурменелини 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб олтин медални қўлга киритган биринчи ўзбекистонлик боксчи қизга айланди.
Мазкур мусобақада 29 давлатдан 300 га яқин спортчилар ўзаро беллашиб, унда терма жамоамиз вакиллари 5 та (1 та олтин, 4 та бронза) медални қўлга киритган бўлса, яна икки нафар гвардиячи қизлар Сохиба Рўзметова ва Олтиной Сотимбоевалар 3-ўринларни эгаллаб, бронза медали соҳибаси бўлишди.
Ушбу Жаҳон кубоги мусобақаларида эришилган ютуқлар “Лос-Анжелес-2028” олимпия ўйинларига қўйилган муҳим қадам бўлиб, Халқаро олимпия қўмитаси томонидан спортчиларнинг тўплаган рейтинг балларига кўра Олимпия ўйинларига йўлланма берилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бокс бўйича аёллар миллий терма жамоасининг мураббийи подполковник Элшод Расулов ҳам Миллий гвардия сафида хизмат қилиш билан бирга спорт соҳасида аёллар гендер тенглигини таъминлаган ҳолда мамлакатимиз равнақига муносиб хиссасини қўшиб келмоқда.
Бу ютуқлар, аввало, Давлатимиз раҳбарининг барча соҳалар каби спортда ҳам юртимиз аёлларига алоҳида ғамхўрлик қилиб келаётганликлари самарасидир. Бундай эътиборнинг маҳсули эса албатта нуфузли халқаро мусобақалардаги ёрқин ғалабаларда акс этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 27 июнь – 8 июль кунлари Қирғиз Республикасининг Чўлпон-ота шаҳрида спортнинг биатлон тури бўйича Осиё кубоги ўтказилди. Ушбу мусобақада 6 та давлатдан ташриф буюрган 17 та профессионал спортчи иштирок этиб, унда Ўзбекистон Миллий терма жамоаси вакили, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси Ойдина Икрамова 3 км масофада фахрли 1-ўринни, 5 км масофада фахрли 2-ўринни қўлга киритгани фикримизнинг яққол далилидир.
Гвардиячи қизларнинг эришган ғалабалари – бу шунчаки ғалаба эмас, балки юртимиз спорт салоҳиятининг, аёлларимиз матонати ва иродасининг амалдаги исботидир.
Шу сабабли бугун Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Р.Джураев юқорида санаб ўтилган халқаро спорт мусобақалари ғолиблари ва уларнинг мураббийлари билан учрашиб, самимий тилакларини билдирди. Тадбир сўнгида спортчи ва мураббийлар қўмондон буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди.