Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида “Буюклар ҳақида 100 та далил” китоблар жамланмасининг тақдимоти ўтказилди.
Жорий йилда Республика Маънавият ва маърифат маркази билан Миллий гвардия ўртасида ҳамкорликнинг истиқболли режалари юзасидан меморандум имзоланиб, унга асосан Миллий гвардия бўлинмаларида шахсий таркиб иштирокида бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Ўзбекистон тарихи” телеканали ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамкорлигида тайёрланган “Буюклар ҳақида 100 та далил” китоблар жамланмасининг илк тақдимоти Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида тизимдаги ёшлар билан биргаликда ўтказилди.
Тадбирда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С. Мамаюсупов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари О. Хасанов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати О. Абдуллаева ва мазкур китобни жамлашда қатнашган ижодкорлар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан ушбу китоб инсоннинг руҳий озуқа манбаи, қалбни поклаши, фикрни равшан қилиши ва дунёқарашни кенгайтиришига алоҳида урғу берилди.
Юртбошимиз таъбири билан айтганда, “Маънавиятсиз жамият – томири қуриб бораётган дарахтга ўхшайди”. Китоб инсонни интизомли қилади. Нафсни енгишга ва каттани ҳурмат, кичикни иззат қилишга ўргатади. Китоб ўқиган киши қонунларга итоат қилиш кераклигини англайди.
Тақдимот қилинаётган мазкур китобнинг ҳам ёшлар тарбиясида муҳим ўрини бўлиб, ушбу китоб ёшлар учун ибрат мактаби, катталар учун эса фикр-мулоҳаза манбаи бўлиб хизмат қилади. Унинг саҳифаларида олиб борилган ғоявий-тарбиявий йўналишлар бугунги куннинг долзарб масалаларига жавоб бўла олади.
Китоб 8 та тилда чоп этилган бўлиб, унда QR ҳавола орқали маълумотларни эшитиш ва кўриш имконияти мавжуд.
Тадбирнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шунда бўлдики, мамлакатимизда ҳафтанинг ҳар жума куни Миллий либослар куни ҳисоблангани боис, аксарият иштирокчилар ушбу китобни миллий либосларда қарши олишди. Тақдимот давомида Миллий гвардия ашула ва рақс ансамбли хонандалари ўзларининг дилга хуш ёқувчи наволари билан кечага ўзгача шукуҳ бағишлади.
Зеро, барчамизга маълум ҳақиқат борки, китобни тарғиб қилиш – маънавиятни тарғиб қилишдир. Ўтказилган ушбу тадбир ҳам ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари қалбида китобга муҳаббат уйғотиш, маърифатга бўлган эҳтиёжни кучайтиришга хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди.