Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Тошкент “Темурбеклар мактаби” ҳамда Ҳарбий мусиқа академик лицейи битирувчиларига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди
Пойтахтимиздаги Миллий гвардия Темурбеклар мактабида бўлиб ўтган мазкур тантанали тадбир юқори даражада ташкиллаштирилиб, унда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари С.Мамаюсупов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Р.Каланов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Ш.Улуғбеков, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши вакили Д.Жалолов, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурори ўринбосари А.Хомидов, Ёшлар ишлари Агентлиги директори ўринбосари А.Мўминов, Тошкент шаҳар хокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Д.Рахимова, шунингдек, соҳага оид раҳбарлар, фахрийлар, ота-оналар ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари иштирок этишди.
Сўзга чиққанлар, Давлатимиз раҳбарининг “Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур” дея таъкидлаган сўзларини ёдга олиб, Ёшларни ватанпарварлик рухида тарбиялашда ҳамда Миллий армиямизни, ҳар томонлама етук кадрлар билан таъминлашда Миллий гвардия тизимида фаолият юритаётган ҳарбий таълим муассасаларининг муҳим ўрни ҳақида сўз юритиб, янги ҳаётга қадам қўйиш арафасида турган битирувчиларга самимий тилакларини билдиришди.
Шунингдек, ушбу даргоҳларни битираётган ва кўзлари чақнаб турган ўқувчи ёшлар мақсадлари йўлида давом этиб, олий ва олий ҳарбий таълим муассасаларининг курсант ва талабалари бўлиб келгусида албатта Ватанимиз тинчлиги ҳамда осойишталигини мустаҳкамлашга ўз ҳиссаларини қўшишларига ва Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам қанотларига айланишларига катта ишонч билдирилди.
Шундан сўнг, “Темурбеклар мактаби”нинг 143 нафар битирувчиларига диплом ва кўкрак нишонлари (шундан 6 нафарига имтиёзли диплом ва “Аълочи ўқувчи” кўкрак нишони) топширилган бўлса, Ҳарбий мусиқа академик лицейининг 37 нафар битирувчисига (шундан 6 нафарига имтиёзли дипломлар) диплом ва кўкрак нишонлари тантанали равишда тақдим этилди.
Кўтаринки руҳда давом этган тадбирнинг бадиий қисмида Ҳарбий мусиқа академик лицейи ўқувчиларининг “Зарбли чолғулар ансамбли” гуруҳи чиқишлари ҳамда “Темурбеклар мактаби” ўқувчиларининг қўл жанги кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.
Ушбу маросим нафақат битирувчилар учун балки уларни катта ҳаяжон билан кузатаётган яқинлари ва ота-оналари учун ҳам унутилмас кун бўлди.