Ўз O'z Ру En

ЁШЛАР – ЎЗБЕКИСТОННИНГ ИШОНЧИ, ТАЯНЧИ ВА ҚУДРАТЛИ КУЧИ

Куни кеча Сурхондарё вилояти Денов туманида Миллий гвардия, Ички ишлар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ёшлар – Ўзбекистоннинг ишончи, таянчи ва қудратли кучи” шиори остида ёшлар форуми бўлиб ўтди. Унда тумандаги барча ўқувчи-талабалар ва уюшмаган ёшлар иштирок этди.
Тадбир доирасида дастлаб, туманнинг Намозгоҳ маҳалласида ёшлар марафонига старт берилди. Унда ўғил-қизлар ўзларининг жисмонан чиниққан ва руҳан тетик эканлигини кўрсатиб, белгиланган 4 километр масофада югуриб ўтишди.
Марафонда устунликни қўлга киритган ёшларга диплом ва эсдалик совғалар тақдим этилди.
Форум давомида Денов тадбиркорлик ва педагогика институтида Ички ишлар Вазирлиги, ДХХ, Миллий гвардия раҳбарияти ва вилоят ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида уюшмаган ёшлар билан учрашув ўтказилди. Унда юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ва бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.
Очиқ мулоқот давомида, ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлари ва мавжуд муаммолари билан масъулларга мурожаат этдилар. Кўтарилган барча масала ва таклифлар юзасидан батафсил жавоб ва ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Форум давомида тумандаги "Эко боғ"да беш муҳим ташаббус доирасида кўргазмалар, янги лойиҳалар ва ёшлар меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Шунингдек, ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.
Тумандаги бир гуруҳ фаол ёшлар ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш зарур бўлган уюшмаган ёшларга ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди.
Шундан сўнг, маданий-маърифий тадбир концерт дастурига уланиб, ёшлар ва санъат усталари томонидан ижро этилган куй-қўшиқ ва рақслар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ёшларнинг масъулиятини ошириш, уларни турли ёт ғоялар таъсиридан асрашда жойларда бу каби форумларни ўтказиш муҳим аҳамият касб этади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech