Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ва Буюк Британия Қироллик полки ҳарбий оркестрлари жамоаларининг навбатдаги ижодий учрашуви бўлиб ўтди
Миллий гвардия Маънавият ва маърифат марказида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳарбий аппарати билан ҳамкорликда Буюк Британия Қироллиги Ёркшир полки оркестри ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси алоҳида намунали-кўргазмали ҳарбий оркестри жамоаси иштирокида "Оҳанглар садоси" номли навбатдаги концерт дастури бўлиб ўтди.
Ушбу маданий тадбирда Миллий гвардия қўмондони ўринбосари С.Мамаюсупов, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Смарт, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги ҳарбий аташеси Робин Стедмен шунингдек, ҳамкор вазирликларнинг сохага оид мутасаддилари, Миллий гвардия ҳарбий мусиқа академик лицейи ва Тошкент "Темурбеклар мактаби" ўқувчилари, шунингдек тизим ҳарбий хизматчи ва ходимлари иштирок этишди.
Маҳоратли ҳарбий дирижёрлар - майор Рамиль Асфандияров ва Британия Империясининг юқори даражали ордени соҳиби, капитан Гарри Клег раҳбарлигида оркестрлар томонидан ҳарбий юришлар ва замонавий мусиқий композициялардан иборат импровизациялар ижро этилди.
Концерт давомида ижро этилган ўндан ортиқ бетакрор оҳанглар томошабинларни мусиқа оламига шўнғиш баробарида, уларга унутилмас таассуротлар ҳадя этди.
Ижодий учрашув орқали томонлар ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, келгусида тантанали тадбирларни ташкил этишда тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.