Ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўртасида шахмат спорти бўйича "Миллий гвардия биринчилиги" мусобақаси ўтказилди
Давлатимиз раҳбарининг "Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Гулистон шаҳрида жойлашган Ёшлар марказида Миллий гвардия ҳудудий бошқармаларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчи ва ходимлар ўртасида мазкур спорт бўйича Миллий гвардия биринчилиги ўтказилди.
Мусобақа давомида иштирокчилар шахмат спортининг рапид йўналишида ўзаро куч синашишди. Беллашув қизғин ва муросасиз баҳсларга бой тарзда ўтиб, жараёнлар малакали ҳакамлар томонидан адолатли баҳолаб борилди.
Якунда яккалик ва жамоа баҳсларида ғолиблар аниқланди. Умумжамоа ҳисобида III ўрин Қорақалпоғистон Республикаси Миллий гвардия бошқармаси, II ўринни "Қўриқлаш" бош бошқармаси, фахрли I ўринни Миллий гвардия ҳарбий қисми жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шуни таъкидлаш жоизки, бу каби мусобақалар ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг билимларини ошириш билан бир қаторда, ўзаро жамоа бўлиб бир мақсад сари ҳаракат қилишлари учун кенг замин яратмоқда.