СЕРЖАНТЛАР - МИЛЛИЙ АРМИЯМИЗНИНГ ТАЯНЧИ ВА СУЯНЧИ
Миллий гвардия тизимида хизмат қилиб келаётган сержантларнинг касбий маҳорати ҳамда билим-кўникмаларини ошириш мақсадида ҳар йили "Сержантлар форуми" ўтказилиши анъанага айланган.
Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник С.Мамаюсупов раислигида бўлиб ўтган навбатдаги форумда, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашда сержантлар таркиби, тизимнинг таянчи ҳамда суянчи эканлиги таъкидланди.
Мазкур форум видеоселектор тарзида ўтказилиб, унда соҳага оид мутасадди раҳбарлар, тизим фахрийлари ва сержантлар таркиби иштирок этишди.
Тадбирда Миллий гвардия тизимида сержантлар таркибини тайёргарлигига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги ва ҳар қандай мураккаб вазиятларда жисмоний ҳамда руҳий синовларга бардош бера оладиган, ностандарт ҳолатларда мустақил қарор қабул қилиб, юклатилган вазифаларни аъло даражада бажаришга қодир бўлган кичик командирларни шакллантириш учун барча шароитлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Шунингдек, Қуролли Кучлар тизимини модернизация қилиш, миллий армиямизнинг профессионал тайёргарлигини янада мустаҳкамлаш бўйича белгилаб берилган бир қатор чора-тадбир ва аниқ механизмлар асосида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар айнан тизимдаги сержант ва оддий аскарларнинг ҳар томонлама етук олий маълумотли офицер кадр сифатида шакллантиришга қаратилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Айниқса, тизимда гендир тенглик таъминланган ҳолда, аёлларни ролини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хизматга қабул қилиш борасида ҳам хотин-қизларнинг кўрсаткичини ошириш долзарб масала эканлиги қайд этилди.
Шундан сўнг, Форум очиқ мулоқот тарзида давом эттирилди. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё ва бошқа ҳудудий бўлинмалардан сўзга чиққан сержантлар томонидан бугунги кунда ҳарбий хизматчиларга ҳамда уларнинг оила аъзоларига яратилаётган шарт-шароитлар алоҳида эътироф этилиб, яратиб берилаётган барча имкониятлар мамнуният билан тилга олинди. Айниқса, кўп йиллик тажрибага эга бўлган ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун берилаётган имтиёзлар асосида ёшлар нуфузли таълим муассасаларида таҳсил олаётганликлари ёдга олинди.
Ўз ўрнида сўзга чиққан ҳарбий хизматчилар, ҳозирги кунда Миллий гвардия қўмондонлиги томонидан сержантларнинг жанговар, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар, улар томонидан Миллий гвардия фаолияти билан боғлиқ барча вазифаларни аъло даражада бажаришга хизмат қилаётгани таъкидлаб ўтилди.
Бугунда сержантлар нафақат жисмонан бақувватлиги, балки интеллектуал салоҳияти, бир неча чет тилларини билиши, эркин фикрлайдиган, равон ва мазмунли нутқ қила олишлари билан ажралиб турадилар. Ушбу жиҳатларни ҳарбийларимиз март ойида Америка Қўшма Штатлари ва Ҳиндистонда ўтказилган мусобақаларда амалда намоён этиб, биринчи ўринни эгаллаганликлари яна бир бор эътироф этилди.
Ҳарбий хизматдаги фаолиятини сергак олиб боришлари натижасида, фуқаролар хавфсизлиги таъминланаётганлиги ҳамда ўзининг фидокорона хизматлари билан сафдошларга намуна бўлаётган бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар муносиб рағбатлантирилди.
Шунингдек, пойтахтимиздаги Анҳор каналида чўкаётган фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолишда жонбозлик кўрсатган икки нафар ҳарбий хизматчилар алоҳида тилга олиниб, улар Миллий гвардия қўмондони ва Фавқулодда вазиятлар вазирининг буйруғига асосан эсдалик совғалари билан тақдирландилар.