Ўз O'z Ру En

Ёшларнинг ёзги таътил кунлари мазмунли ўтмоқда

Бугун Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Моддий-техник таъминот марказий базасида “Ёшлар ойлиги” доирасида очиқ эшиклар куни ўтказилди.
“Армия-ёшлар нигоҳида” мавзусида бўлиб ўтган очиқ эшиклар куни муносабати билан ҳарбий қисм 200 нафарга яқин ўқувчи-ёшларни ўз бағрига чорлади.
Мазкур тадбир Чилонзор тумани ҳокимлиги, туман Ёшлар ишлари агентлиги, Халқ таълими ҳамда Ёшлар иттифоқи туман бўлимлари ва Тошкент шаҳри бўйича Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда туманнинг умумтаълим мактаби ўқувчилари, академик-лицей битирувчи ёшлари ҳамда “Само” ёшлар ижод маркази аъзолари ва шунингдек мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этди.
Тадбир бошида сўзга чиққанлар “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар ёшларимизга ҳарбий-ватанпарварлик руҳини янада тўлароқ сингдиришга ҳамда уларнинг маънавиятини юксалтиришга қаратилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
Шунингдек, ўз хизмат фаолиятини олиб бориш билан бирга спортнинг турли йўналишларида Жаҳон ва Осиё чемпионлигига сазовор бўлган аёл ҳарбий хизматчилар ҳам ёшларга мақсад сари интилишда ўзининг керакли тавсияларини берди.
Шундан сўнг, “Само” ёшлар ижод маркази томонидан тайёрланган концерт дастурига навбат берилди. Марказнинг истеъдодли ижодкорларининг Ватан ҳақида куйлаган қўшиқлари, айниқса, кичик ёшдаги болажонларнинг ижроси тадбир иштирокчиларида илиқ таассуротлар қолдирди. Таъкидлаш жоизки, энг фаол тадбир қатнашувчиларининг мутасаддилар томонидан рағбатлантирилиши ҳам уларнинг келгусидаги ижодий фаолиятини янада ривожлантиришга туртки бўлади.
Мусиқий чиқишлардан сўнг, тадбир иштирокчиларига ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий техникалар ҳамда қурол аслаҳалар кўргазмаси ташкил этилди. Унда ўқувчи-ёшлар мазкур мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларига жавоб олишди. Ҳарбий қисмга уюштирилган саёҳат давомида бўлса муддатли ҳарбий хизматчиларга яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишишди.
Тадбир сўнггида, ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида спортнинг стол тенниси, шахмат-шашка турлари ҳамда миллий ўйинларимиздан арқон тортиш бўйича ўзаро беллашувлар ташкил қилинди.
Ўйлаймизки, бугунги тадбир ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътил давридаги вақтларини мазмунли ўтишига ҳамда бешта ташаббус йўналиши бўйича уларнинг қизиқиши янада ортишига ўз ҳиссасини қўшади.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech